Мессига ўхшашни истамайдиган “Барселона” аъзоси

2013 йилнинг 8 майи. «Барселона» ёшлар жамоаси 15 йил деганда чемпионликни тантана қилди. Ўйин якунланишига 18 дақиқа қолганида Карлес Аленья «Гави» дарвозасини пенальтидан ишғол қилди ва кўк-анорранглиларга узоқ кутилган ғалабани келтирди. Жингалак соч футболчи голини трибунада ўтирган мухлислар билан нишонлашга киришди, аммо ишқибозлар ундан кўра жамоадоши Ли Син Вуни олқишлай бошлашди. Ли Син Ву бу воқеадан бир неча ой олдин ФИФА томонидан футболдан маълум муддатга четлатилганди. Майдонга қайтгач эса Син Ву ғолибликни қўлга киритди ва жамоасининг қувончига шерик бўлди. Чиндан ҳам бу Ли Син Вунинг ғалабаси эди.
2010 йилнинг ёзида Жанубий Корея U 12 терма жамоаси Жанубий Африка Республикасида ўтказилган «Danone Nations Cup» турнирида иштирок этгач, кўплаб гранд клублар Син Вуга қизиқиб қолишади. Вунинг терма жамоаси плей-офф босқичига чиқа олмайди, аммо чап қанот ярим ҳимоячиси сифатида ўйнаган Ли 12 та гол киритиб, мусобақа тўпурарига айланади. Ўзига хос техника, такрорланмас дриблинглар, ақлли қарорлар футбол селекционерларининг эътиборидан четда қолмади.
Вумуман олганда, 2010 йил ёш футболчилар учун омадли келди. Ли Жанубий Корея ёшлар лигасининг энг яхши тўпурарига айланди ва ўз мамлакатининг энг муҳим соврини — Чха Бом Гин мукофотини қўлга киритди, Осиёнинг ХХ асрдаги энг яхши футболчиси деб топилди. Чиндан ҳам 12 ёшли йигит афсонавий Чхага жуда ўхшайди. Бу мукофотни ундан олдин Пак Жи Сун ҳам қўлга киритган. Лининг охирги ютуғи шу бўлдики, у «Барселона» ёшлар жамоасига қабул қилинди.
Жанубий Африка Республикасида бўлиб ўтган турнирда Ли Син Вуни шахсан кузатган «Барселона» мутасаддиларидан бири Альберто Пуч мусобақадан кейин Сувон шаҳрига ташриф буюрди ва ёш футболчининг ота-онаси билан учрашди. Вулар ўғли оддий клубда эмас, кучлироқ жамоада тўп суришини исташини айтишди. Футболчининг ўзи эса «Барселона»ни танлади.
«Кўк-анорранглилар»нинг футболкаси Лининг иқтидорини янада ошириб юборди. Бу либосга муносиб бўлиш учун ўз устида тинимсиз ишлаган кореялик йигитча тез орада бунинг самарасини кўрди. Ву ўз техникаси ва тезлиги эвазига «Барса» ёшлари (13 ёшгача бўлган футболчилар) таркибида 29 бор майдонга тушиб, рақиблар дарвозаларига 39 та тўп киритди ва рекорд ўрнатди. Бунгача бу борада рекорд Мессига тегишли эди. «Ли оддий футболчи эмас, — дейди «Барселона» мураббийси, — у янги Месси. Фақат шундай давом этиши керак».
Лини айни дамда «кореялик Месси» деб чақиришади. Футболчининг ўзи эса бунга муносабат билдираркан: «Мени иккинчи Месси деб аташлари ажойиб, аммо мен биринчи Ли Син Ву бўлишни хоҳлайман», дея таъкидлайди.
Икки футболчини ўзаро таққослайдиган бўлсак, Месси «Барселона» сафида дебют ўйинини ўтказганида 17 ёш 3 ойу 22 кунлик эди. Ли эса 18 ёшга тўлди ва ҳозирча «Камп Ноу»даги ўйинларини кузатиш имконига эга, холос. Аммо бу Ли тажриба оширишдан тўхтади, дегани эмас. Жанубий кореялик иқтидор ўз вақтини кутяпти, холос.
2013 йилда ФИФА «Барселона»ни вояга етмаган футболчиларни сотиб олишда қонунни бузганликда айблаб, трансферлар борасида тақиқ қўйганди. ФИФА тузган ноқонуний харид қилинган футболчилар орасида Ли Син Ву ҳам бор эди.
ФИФА Лига терма жамоаси сафида ўйнашга рухсат бергач, у юртига қайтди. 2014 йилнинг сентябрида у Жанубий Корея U 16 терма жамоаси билан Осиё кубогининг финалига қадар етиб боради. Бу Лига ўз формасини бир қадар кучайтириш имконини яратади.
Бир йилдан кейин 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳам Лининг карьерасига ижобий таъсир кўрсатади. Гарчи у гол киритмаган бўлса-да, жамоасининг гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритишида муҳим ўрин тутади. Таъкидлаш керакки, гуруҳда Лининг терма жамоаси Бразилия, Англия ва Гвинея термаларига қарши кураш олиб боради. Айниқса, Бразилия термаси устидан қозонилган ғалаба Лининг ҳаётидаги энг ёрқин лаҳзалардан бири бўлиб қолади.
Орадан 1098 кун ўтгач, Лига қўйилган тақиқ ниҳоясига етди ва у «Барселона»га қайтди. Туғилган куни — 6 январда эса у табриклар акс этган видеомурожаатномалар олди. Мухлислар ундан 2016 йилда кўплаб голлар кутиб қолишини таъкидлашганди. «Мен 18 ёшга тўлишимни интиқлик билан кутгандим, энди бемалол ўйнай оламан. Ўйлайманки, бу йил ҳеч қандай жароҳат олмайман ва ажойиб ўйин кўрсатаман», деди футболчи мухлисларнинг фикрига жавоб қайтараркан.
Ли Каталонияга қайтганидан кейинги биринчи ўйинида «Корнельей»га қарши майдонга тушди. Мазкур ўйинда нурсиз дуранг қайд этилди. Шундан кейин «Барселона» ёшлари мураббийси Ли ҳақида шундай фикр билдирди: «Ву жамоамизнинг муҳим ўйинчиси, ҳозир Лида қайта тикланиш жараёни кетмоқда. Ву олдинги тезлигини қайтариши ва олдинги футболчига айланиши лозим».
Клуб бўлажак юлдузни аллақачон «Камп Ноу»да кутмоқда ва футболчини клубда олиб қолиш ниятида. Ли ҳам «Реал» ва бошқа гранд клубларнинг таклифларини рад этди. «Биз кўплаб жамоалардан таклиф олдик, аммо ҳеч бир клуб ўғлимнинг келажакда профессионал футболчи сифатида шаклланиши учун имконият яратиб беришига кафолат бермади, — дейди футболчининг отаси. — Энг муҳими эса, ўғлим «Барселона»да қолишни истади, бу унинг қарори, демак, биз фақат «Барселона» билан алоқа қиламиз».
Ли «Барселона» келажакда юксак иқтидор соҳибига айланиши учун энг маъқул жой эканига тўлиқ ишонади. Ву клуб билан 2018 йилнинг июлига қадар шартнома имзолаган. Шартномада қуйидаги банд алоҳида киритилган, футболчининг нархи 3 миллион еврони ташкил этади, аммо агар у «Барселона Б» билан ғолибликка эришса, нарх ўз-ўзидан 12 миллион еврога ошади. Аммо бунинг учун Ли Жанубий Корея U19 термасидан озод бўлиши, бор вақтини «Барселона Б»га бағишлаб, клубнинг иқтидорли ҳужумчиси — Карлос Аленья билан ажойиб тандем ҳосил қилиши керак. Айни дамда бу икки футболчи яшил майдонда ажойиб жуфтлик, майдондан ташқарида эса ажралмас дўст. Хусусан, «Лерид» клубига қарши кечган матчда Аленья хет-трикка эришди, Ли эса Аленьяни икки бор ажойиб узатма билан таъминлади. Бундан ташқари, Ли ёшлар ўртасидаги Чемпионлар лигасида «Барселона»га чорак финалга чиқиш имконини яратиб берди. Қийин кечган матчда клуб «Мидтьюлланд»ни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратган, учинчи голни эса ўйиннинг 90-дақиқасида айнан Ли киритди. Аммо «Барса» кейинги турда «Андерлехт»га 0:2 ҳисобида ютқазди ва мусобақани тарк этди.
Айни дамда Лининг мухлислари талайгина ва бу мухлисларни бир савол ўйлантирмоқда: нега Ли ҳамон «Камп Ноу»да майдонга тушмаяпти? Ли «La Gazzetta dello Sport» нашри ўтказган тадқиқотлар натижасига кўра дунёнинг энг кучли 20 ёшгача бўлган футболчилари рўйхатига киритилган. Испаниядаги иқтидорли футболчилар рўйхатида у Алан Халилович ва Антонио Санабриалар билан бирга тилга олинади. «The Daily Mail» нашри эса Лини дунёнинг энг ёш иқтидорли футболчилари рўйхатига киритган, бу рўйхатда Лидан ташқари Жанлуижи Доннарумма ва Анхел Корреа ҳам бор. 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Жанубий Кореяда ўтказилаётган жаҳон чемпионатида мезбон терма жамоа сафида Ли Син Ву ҳам қатнашди, бироқ жамоасига ёрдам бера олмади, Жанубий Корея Португалияга мағлуб бўлиб, мусобақани эрта тарк этди.

31.05.2017, 15:14 2363 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш