Уэйн Руни ва Майк Тайсонни нима боғлаб туришини биласизми?

Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби янги ҳомийси «New Era» компанияси клуб футболчилари иштирокида фотосессия уюштирди. Шу билан бирга, мазкур фотосессияга ташриф буюрган журналистлар «қизил иблислар» сардори Уэйн Рунидан интервью ҳам олишди. Қуйида ана шу интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
— Қайси спортчидан ўрнак олишни истардингиз?
— Мен доим боксчи Майк Тайсонга ҳавас қилардим. Отам билан унинг жангини томоша қилиш учун алламаҳалгача кутиб ўтирардим.
— Агар шахсий ҳаётингиз ҳақида фильм ишланса, сизнинг образингизни қайси актёр гавдалантириши мумкин?
— Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Эҳтимол, Мэтт Дэймон ўйнар.
— Энг севимли голингиз қайси?
— «Манчестер Сити» дарвозасига урган фантастик голим ўзимга жуда ёқади.
— Агар сизга спортнинг фақат учта турини танла ва ўшаларни томоша қиласан, дейишса, қайси спорт турларини танлаган бўлардингиз?
— Гольф, футбол ва бокс.
— Сиз билан бирга ёки сизга қарши тўп сурган футболчилар орасида энг иқтидорлиси ким?
— Албатта, Криштиану. У ажойиб спортчи.
— Футболчилардан ташқари энг севимли спортчингиз яна ким?
— Майкл Жонсон.
— Айни дамда қайси сериални томоша қиляпсиз?
— «Юрадиган мурдалар».
— Сиз охирги марта қўшиғини севиб эшитган хонанда?
— Бугун Тину Тернерни тингладим.
— Уни доим эшитиб юрасизми?
— Йўқ. Бу қўшиқчини Эшли Янг доим эшитади. Биз, аслида, турлича мусиқалар эшитамиз.
— Қайси воқеани ҳамон кулиб ёдга оласиз?
— Бастиан Швайнштайгер билан илк бор учрашганимизда уни Манчестерда кўриб турганимга ишонмагандим. Ўшанда у ёнимга келган ва шошганимдан у билан тўқнашиб кетгандим. Натижада тўпиғим шикастланган. Шу воқеани эсласам, ҳалигача юзимга табассум югуради.
— Мухлисларнинг энг ғалати илтимоси нима бўлган?
— Баъзида бошида бир тола ҳам сочи бўлмаган ишқибозлар келиб, бошининг энг юқорисига дастхат қўйиб беришимни сўрашган. Уларнинг илтимосини рад асло этмаганман.
— Энг севимли дам олиш масканингиз...
— Барбадос. Жуда яхши кўраман бу ерни. Одамни бўшаштириб юборадиган атмосфера — бу мен орзу қилган муҳит. Мен айнан Барбадосда маза қилиб дам оламан.
— Болалигингизда энг севимли мультқаҳрамонингиз қайси бўлган?
— Жонни Браво.
— Фаолиятингиз давомидаги энг қийин, енгиб ўтишингиз оғир бўлган вазият...
— Жаҳон чемпионати чорак финалида Португалия терма жамоаси билан бўлиб ўтган матчда қатнаша олмаганман. Бу менга қаттиқ таъсир ўтказган.
— Футболга эндигина қадам қўйган ёшларга қандай маслаҳат берасиз?
— Агар яхши футболчи бўлишни ният қилсангиз, тинимсиз шуғулланинг. Ёшлик пайтингизда имкон қадар кўпроқ машқ қилинг, жисмоний имкониятларингизни яхшилаб олинг. Шунда кейинчалик қийналмайсиз.
 

30.05.2017, 17:01 3295 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш