«Барселона»да Мессига ўринбосарлар бор! (Эркинжон Ғайбуллаев блоги)

Мавсум Месси, Суарес ва Дембелесиз бошланди.
«Барселона» мавсум бошида кадрлар муаммосига дуч келди. Мавсумнинг илк ўйинларида мухлислар Вальвердега яхши ма’нода ҳасад қилишди. Унинг шунча юлдуз футболчиларни майдонга қандай сиғдира олиши мумкинлигига қизиқишди.
Аммо жароҳатлар эпидемияси мураббийнинг бошини қотириб қўйди. Мавсум Месси, Суарес ва Дембелесиз бошланди.
Каталония клуби ҳужумда ҳеч ким танимаган ёш ўйинчиларни синаб кўришга мажбур бўлди. Бу тажриба мухлисларни ҳурсанд қилмай қолмади. “Барса” нинг дастлабки ўйинларида Карлес Перес ва Анссумане Фати “порлаб” чиқди. Улар Ла Масия ҳали ҳам тирик ва дунёга машҳур футболчиларни етиштиришда давом этаётганлигини исботлашга ҳаракат қилишди.
Перес-Мессининг ойнадаги акси.
Бу мавсумгача Перес ҳеч қайси ўйини билан топ клубларда ўйнаш қобилияти борлигини исботламаган эди. Ўтган мавсумда у “Барса”нинг иккинчи жамоасида ўйнади. Асосий жамоа эса унга 17 дақиқагина юлдузлик вақтини туҳфа қилди.
Бу мавсумда эса икки тўлиқ ўйин ва яна бир ўйиндаги 10 дақиқалик имкониятда футболчи икки тўпга ҳаммуаллифлик қилди ҳамда бир бора ўзи тўпни дарвозага йўллади.
Футболчи майдонга илк қадамларни “Барселона” клубининг ашаддий душмани «Эспаньол» мактабларида қўйди. У “тўтиқушлар” сафида 2012 йилгача ўйнади. Кейинчалик эса Ла Масиа сафига қўшилган футболчи ҳеч қачон жамоанинг иқтидорли футболчилари сафида э’тироф этилмаган. Аммо тақдир айнан унга шундай имконият тақдим этди.
Пересни «Эспаньол»дан 15 ёшида олиб кетишга скаутлар унда Роббеннинг ҳусусиятларини кўришган. Ажойиб дрибблинг, кучли ва аниқ чап оёқ зарбаси ва марказда тўпни зарбага тўғирлаш қобилияти бор ўйинчи бундай имкониятларини катта футболга кириб келгунича ҳам сақлай олди. «Бетис»га урилган гол айнан шулар жамланмаси. Аммо ҳудди Роббендек унинг ҳам камчилиги бор-ўнг оёқ фақат югуриш учун.
Энг қизиғи «Ливерпуль» Пересга 17 ёш бўлганида қизиқиш билдирган экан. Англияликлар яхшигина пул таклиф қилишган бўлса-да, Карлес ўзининг азалий орзусини танлади. У Каталония клуби билан 3 йиллик шартнома эгаллади ва жамоанинг асосий таркибига кира олишига қаттиқ ишонди.
Футболчининг «Барселона»даги келажаги ҳозирча мавҳум. У жуда иқтидорли футболчи, аммо ўз тенгқурларига нисбатан жуда ҳам кам имкониятга эга бўлмоқда. У 21 ёшда эндигина асосий таркибга кира олди. Бу ҳам қандайдир сабаблар туфайли.
Переснинг шартномаси кейинг йилнинг ёзида тугайди. Мантиқан ўйласак, у мавсум сўнггигача сабр қилади ва ёзда ўртамиёна испан клубларига йўл олади. «Севилья», «Бетис» ёки «Валенсия»дек клублар бундай ёш иқтидор эгасини қучоқ очиб кутиб олишлари тайин.
Фати –«Барселона»нинг янги афсонасими?
Фати бутун дунё нигоҳига тушиб улгурди. Ҳатто Месси бу ёшида бунчалик “достон” бўлмаган эди. Мактаб ёшидаги энг машҳурлардан энг охиргиси Маркус Рэшфорд эди.
Фати «Барселона»нинг бир нечта рекордларни янгилади: у 78 йил давомида майдонга тушган футболчиларнинг энг ёши деб топилиши билан бир қаторда клуб голларига энг ёш муаллиф сифатида тарихга кирди.
Футболчи энди 16 га кирди, аммо ҳудди ҳамма нарсани қила оладигандек, хоҳ оёқ хоҳ бош билан ўйнашда ўзгаларга ўрнак бўлмоқда. «Барселона»даги дебютдан олдинроқ ёш футболчига Манчестер шаҳрининг икки жамоаси ҳам қизиқиш билдирган. Аммо Фати Каталонияда қолишни авзал билди.
Фатининг майдонда эканлигини сезиш қийин эмас. У доим футболчиларни ажойиб ҳаракатлари билан алдай олади, ҳимоячиларни хато қилишга мажбур қилади. 16 ёш бўлишига қарамай у жуда совуққон, ҳужумни бир зарба билан якунлашни жуда яхши эплайди.
Унинг икки оёғи ҳам юришдан бошқа ишларни ҳам қила олади. Бундан ташқари, Фати иккинчи қаватда ҳам жуда ҳавфли.
Бундан ташқари у ҳайбатли ўйинчи. Бу ҳам ҳимоячиларга ваҳима солади. Ла Масияда бундай футболчилар ноёб.
Экспертларнинг фикрича, у ҳозирданоқ ҳужумнинг исталган жойида ёки ярим ҳимояда ўз ўйинини намойиш эта олади. У ёшлар жамоасида анчагина орқадан ҳам ҳужум бошлай олишини кўрсата олган.
Унинг энг катта камчилиги-бу эгоизм. У ёшлар жамоасида шерикларига тўни беришга шошилмайди. Вазиятни ўзи якунлашни яхши кўради. У ўтган мавсумда 29та ўйинда майдонга тушиб, 56 бор голларга муаллифлик қилди. Унинг “егоизм”ми яхшими ёки ёмон, билмай қоласан киши.
Ансу 16 ёшида тилларга тушди. Аммо энди ҳақиқий синов бошланади. Месси, Суарес, Дембеле таркибга қайтмоқда. Фати айнан мана шу учликни “ёриб” асосий таркибга киришни уддаласа, уни ёрқин келажак кутмоқда. Аммо унгача у ўйинлардаги 3-4 дақиқалар билан ёки ёшлар жамоасидаги ўйинлари билан чекланиб қолади.
“Барса” нинг тарихида ёш бўлиб ўзни кўрсатиш, ёмонлик рамзидек гўё Масалан Кркич, Делофеу, Траоре каби футболчилар ҳам ўсмирликда ўзини кўрсатиб, катта ўйинларда эса йўқолиб қолишганди.
Аммо ўсмирликда ўзини кўрсатиб, ҳозиргача футбол деганда унинг исми ёнма-ён айтиладиган ўйинчи ҳам бор. Бу-Месси. Агар Фати ўзига бўлган ишонч, психологик тайёргарлик ва “юлдузлик” касаллиги билан оғриб қолмаса, эндиги 10 йилликнинг “янги Месси” сига айланар.
Ҳозирда Каталония клуби Мессига ўринбосар излаётганда, узоқдан эмас ўз ёшларидан излаши мақсадга мувофиқ. Зеро, улар ҳеч қайси футболчилардан кам эмас.

10.09.2019, 19:06 1087 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш