Футболчилар Купер қўл остида ўйнашни исташмаяптими?

Терма жамоамиз шу пайтга қадар жуда кўп бора мағлубиятга учрашган. Аммо кечагиси жуда аламли бўлди. Фаластиндан учралган мағлубият шу қадар аламли бўлдики, мухлислар узоқ муддат ўзларига кела олмасликлари тайин (футболчилар бундан мустасно). САБАБЛАР, САБАБЛАР, САБАБЛАР… Хўш, нега кеча бундай шармандали ўйин бўлди? Менимча, футболчиларимиз бундай яхшироқ ўйнай олишади, бу аниқ. Қолаверса, Эктор Купер ҳам бу қадар шармандали тактика (агар «тактика» дейиш жоиз бўлса) танламайди. Унда нега? Нега Фаластиндек футбол борасида биздан анча орқада бўлган терма жамоага ютқаздик? Ишончли ҳисобда, агар ўйин охирларида рақиб имкониятларидан фойдалана олганида ҳисоб 4:0 бўлиши ҳам мумкин эди. Айни дамда мухлислардан қуйидагича фикр эшитяпмиз: «Футболчиларимиз Эктор Купер қўл остида ўйнашни исташмаяпти». Буни қаранг-а? Худди футболчиларимиз Роналду ва Месси-ю, улар мураббий танлайди. Олдин ўйинингни кўрсат, Купернинг тактикаси асосида расмий ўйинларда ҳам ҳаракат қил… Хўп, Купернинг тактикаси ёқмаяпти ҳам дейлик, ўзи билан гаплашиб, фикр билдириб, маслаҳатлаш. Футболчилар билан бир вагонда ўтириб, дўстларча муносабатда бўлаётган Купер футболчиларга қулоқ тутишни ҳам уддалар. Майли, Куперга қарши акция дейлик, лекин футболчиларнинг нима ҳақи бор ватанни шарманда қилишга? Яна расмий ўйиндая! ФИФА рейтингидаги ўринни тасаввур қилмаса ҳам бўлади. Рақибга ҳурмат сақлаган ҳолда айтиш керакки, футбол борасида Фаластин биздан орқада, анча орқада. Аммо кеча 2:0 га ютди. «Матиз» «Ласетти»ни доғда қолдирди. Чунки «Матиз»нинг ремонти яхши, ҳайдовчи устамон, «Ласетти» эса анчадан бери таъмирталаб, мойланмаган, ҳайдовчи ҳам ҳаминқадар. ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ? Очиғини айтадиган бўлсам, бундай ўйин билан ниманидир қойиллатишимизга кўзим етмаяпти. Агар ростдан Купер ва футболчилар ўртасида қандайдир муаммо бўлса, ҳозир ҳал қилиш керак. Кимдир кетиши керак бўлса, ҳозир кетсин. Кейин кеч бўлади. Саудия Арабистонига қарши ўйин кўп нарсани ошкор этади: бу сафар Фаластинга қарши бўлгани каби нурсиз ўйин кўрсатсак, демакки, фойдаси йўқ. Биз умид қилган Эктор Купер, номи машҳур, аммо ўзи ҳеч нимага ярамай қолган чол бўлиб чиқади. Ҳамма масалани иккинчи ўйин ҳал қилади. ЎЗГАРИШ ШАРТ! Эктор Купер арабларга қарши ўйинда таркиб ва тактикани ўзгартириши керак. 4-4-2 схемаси жуда ўринли. Иккита ҳужумчи билан ўйнаб кўриш лозим, шундоғам мағлубиятдан бошимиз чиқмаяпти-ку. Рости, Купернинг терма жамоамиз билан статистикаси кўриб, ҳайрон қолдим: мағлубият билан ғалабалар сони тенг. Бу «хорижлик мураббий» деган номга мутлақо ярашмайдиган кўрсаткич. Демакки, Купер Африка футболидаги тушунчасини Осиё футболига мослаштирсин. Элдор Шомуродовга ҳужумда партнёр жуда зарур. Жуда-жуда. Яъни бу сафар иккита ҳужумчи билан ўйнашимиз ва таркибни кескин ислоҳ қилишимиз лозим. Саудия Арабистонига қарши ўйин кўп нарсани кўрсатиб бериши керак. Кўрамиз.

Купер, Ўзбекистон, Фаластин

06.09.2019, 12:05 915 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш