«Олтин тўп» учун кураш: бу соврин ҳам ван Дейкникими?

Хабарингиз бор, яқинда УЕФА талқини бўйича ўтган мавсумнинг энг яхши футболчиси аниқланди. «Ювентус» ҳужумчиси Роналду, «Барселона» етакчиси Месси ва «Ливерпуль» ҳимоячиси ван Дейк кураш олиб борган ушбу совринни якунда голландиялик ҳимоячи қўлга киритди. АНЪАНАЛАРДАН ЧЕКИНИЛЯПТИ Афтидан, энди совринларни топшириш бўйича анъаналардан чекиниладиганга ўхшайди. Энди Роналду ва Мессидан бошқа футболчиларга ҳам эътибор қаратилади, энди энг яхшиларни аниқлашда кўп гол киритганига эмас, бошқа жиҳатларига ҳам эътибор қаратилади. Энди жамоавий совринлар ҳам инобатга олинади (гарчи «Олтин тўп»да шахсий кўрсаткичлар биринчи ўринда турса-да). Хўш, бу яхшими ёки… Умумий олиб қаралганда, ФИФА тўғри йўлдан кетяпти. Бир мавсумда 40 та гол урган футболчи энг яхши деб топилсаю, бир мавсумда 40 та ассистентликни амалга оширган ярим ҳимоячи ёки 40 та голли вазиятни қайтарган ҳимоячи эътибордан четда қолса. Яна бир жиҳат! Бу йил Криштиану Роналду феномени «Ювентус»га натижа жиҳатидан фойда келтиргани йўқ, моддий жиҳатдан эса энди бу бошқа масала. Яъни шу пайтга қадар Роналдусиз ҳам «Ювентус» А серия ғолибига айланаётганди. Турин клубига ЕЧЛ ғолиблиги керак эди. Аммо Роналду билан клуб бу мусобақани эрта тарк этишга мажбур бўлди. Эътироз билдиришга шошилманг, жамоага фойда келтирадиган голларни уриш ёки вазият яратиш ҳам футболчининг шахсий кўрсаткичига киради. Шу ўринда Португалия терма жамоасининг Миллатлар Лигасида зафар қучганини эсга оламиз. Бу турнирда Роналду чиндан ҳам ўзини кўрсата олди. Шу жиҳатгина унга бироз устунлик бериши мумкин. Лионель Месси. «Олтин бутса» соҳиби. Лекин «Барселона»га натижа жиҳатидан фойда келтира олгани йўқ. Тўғри, Ла Лигада айнан Мессининг голлари ва етакчилиги ҳисобига Каталония клуби пешқадам бўлди. Шу пайтга қадар ҳам «Барселона» Мессининг катта ҳиссаси эвазига чемпион бўлиб келган. Аммо «Барселона»нинг мақсади ЕЧЛ ғолиби бўлиш эди, аммо Месси бу турнирда омадсизликка учраганини биласиз. Тўғри, Мессининг ЕЧЛдаги голлари кўп бўлди, аммо аҳамият жиҳатидан «Ливерпуль» ҳужумчиси Дивок Оригининг «Барселона» дарвозасига урган иккита голидан устун тура олмайди. Нотўғри хулоса чиқаришга шошилманг, муҳими, қанча яшаш эмас, қандай яшашни билишдир, деганларидек, муҳими қанча гол уриш эмас, қайси пайтда гол уриш кераклигини билишдир. Замонавий футболда ана шу жиҳат муҳим ўрин тутмоқда. Виргил ван Дейкда эса вазият бутунлай бошқача. «Ливерпуль» у келгунига қадар жуда кўп гол ўтказиб юбораётганди, АПЛда ўртамиёна жамоалар қаторида саналарди. ЕЧЛ ғолиблиги у ёқда турсин, ЕЧЛга йўлланма қўлга киритиш ҳам қийин эди «қизиллар учун». Аммо Юрген Клопп келганидан кейин вазият ўзгарди. Ван Дейк келганидан кейин «Ливерпул»нинг ҳимояси мустаҳкамланди. Айниқса, иккинчи қаватда «қизиллар» рақибларига ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Ван Дейк бартараф этган голли вазиятларни санасак, бу сон анчагина катта кўриниш олиши турган гап. Қолаверса, кўплаб ҳужумларни хавфли тус олмасидан туриб қайтарган. «Барселона»га қарши ЕЧЛ ўйинида кўрсатган тезлигига эътибор бергандирсиз. Агар у шундай тезлик кўрсатиб, вақтида ўз жарима майдончасига қайтмаганида «Барселона» футболчиси жуда қулай вазиятга чиқиб кетарди. Ван Дейкнинг ҳаракати туфайли рақиб футболчиси тўпни бошқа жамоадошига узатишга мажбур бўлди ва вазият йўққа чиқди. Якунда, афтидан, яна ван Дейк тенгсиз футболчи деб топиладиганга ўхшамоқда. Ҳар томонлама ўйлаб қаралганда эса бу тўғри қарор. Чунки голландиялик футболчи келганидан сўнг унинг ажойиб хатти-ҳаракатлари туфайли «Ливерпуль» АПЛда 2-ўринни олди, ЕЧЛ ғолибига айланди. Расмий қарорни эса яқин орада билиб оламиз.

Ван Дейк, Месси, Роналду

04.09.2019, 13:41 470 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш