Трансфер мавсуми сарҳисоби: АПЛ

Турли миш-мишларга сабаб бўлган, шов-шувли ва кутилмаган харидлар амалга оширилган трансфер мавсуми бутун Европада ўз ниҳоясига етди.
Трансфер бозори Англияда бошқа мамлакатларга нисбатан анча эрта беркитилганди. Инглиз футболи мутасаддилари барча жамоалар мавсумга тайёр ҳолатда кириб келадиган янгича моделни синовдан ўтказишмоқда.
Трансфер мавсуми Лондоннинг "Челси" клуби учун омадсиз якунланди. Боиси, клубга ФИФА томонидан трансферлар таъқиқининг қўйилганлигида эди. Клуб етакчиси Эден Азарнинг жамоани тарк этиши аристократлар учун оғир бўлди. Клуб ўзининг ижарага бериб юборилган футболчилари эвазига талофатни енгиллаштиришга ва янгича жамоа бунёд этишга уринмоқда. Ҳозирча Кристиан Пулишич, Тэмми Абрахам ва Мейсон Маунт каби футболчилар жамоанинг янги етакчилари бўлади деган тасаввур уйғонмоқда.
Лондоннинг "Арсенал" клуби ҳам сезиларли даражада янгиланди. Унай Эмери жамоасини Лоран Косельни, Алекс Ивоби, Генрих Мхитарян ва Начо Монреал каби футболчилар тарк этди. "Арсенал"га янги қўшиган футболчилардан Давид Луис ва Дани Себльослар анча ақлли юришлар бўлди. Жамоанинг энг қиммат хариди эса Николя Пепе бўлди. Лондонликлар футболчи учун Франциянинг "Лилль" клуби ҳисоб рақамига 80 миллион евро ўтказиб беришди. Пепе мавсум аввалида ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этишга қийналмоқда.
Харри Магуайр трансфери амалга оширилмаганда Пепе "туманли албион" учун мазкур трансфер бозоридаги энг қиммат харид бўларди. "Манчестер Юнайтед" раҳбарлари мазкур ҳимоячи учун "Лестер сити" жамоасига 87 миллион евро тўлаб беришди. Бундан ташқари, "қизил иблислар" мудофаа чизиғини барқарорлаштириш мақсадида "Кристал Пелас"дан Аарон Ван-Биссакани 55 миллион евро эвазига харид қилишди. Жамоа учун фойдали харидлардан яна бири Даниел Жеймснинг сотиб олинганлигидир. Бу учлик мавсум аввалидаги ўйинларда ўзларини фақат яхши томондан намойиш этишмоқда. Алексис Санчес, Ромелу Лукаку ва Крис Смоллинглар жорий мавсум давомида "МЮ"га ёрдам бера олишмайди. Мазкур футболчилар Манчестердаги омадсизликларидан сўнг, бошқа чемпионатда ўзларини қайтадан кашф этишлари мумкин.
"Манчестер Сити" клуби эса 70 миллион евро эвазига "Атлетико"дан Родрини харид қилди. Ўнг қанот ҳимоячиси Данило "Ювентус"га бериб юборилди. Унинг ўрни Туриндан келтирилган Жоау Канселу томонидан ёпиладиган бўлди.
"Тоттенхем" клуби майдон марказини кучайтириш мақсадида Тангуй Ндомбеле, Жовани Ло Чельсо, Райян Сессеньон каби футболчиларни харид қилди. "Ливерпуль" эса фақат "Вест Хем" дарвозабони Адрианни жамоага қўшиб олиш билан кифояланди.
Шунингдек, "Ньюкасл" "Хоффенхайм" ҳужумчиси Жоэлингтон учун 44 миллион евро тўлаган бўлса, "Вест Хем" Себастян Алле учун "Айнтрахт"га 40 миллион евро берди. "Эвертон" клуби эса "Ювентус" ҳужумчиси Мойзе Кен учун 27,5 миллион, "Арсенал" футболчиси Алекс Ивоби учун 30,4 миллион евро сарфлади.
Биз АПЛ жамоалари амалга оширган эътиборга молик трансферлар ҳақида қисқача фикр юритдик. Бу харидларга эса мавсум давомида баҳо бериш имконига эга бўламиз.
Фахриддин Рўзиев

"Арсенал", "Тоттенхэм", АПЛ

03.09.2019, 08:35 780 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш