Элдор Шомуродовнинг кучли томонлари нимада?

Кечадан олдинги кун “Локомотив”га қарши ўйинни кўргандирсиз? “Ростов” ажойиб ўйнади, тўғрими? Айниқса, Элдор Шомуродов. Иккита гол урди барака топгур. Баракалла, дедик беихтиёр. Олқишладик, ўзимиз гол ургандан-да яхшироқ қувондик. ЭЛДОР — СЕЗГИР Элдор Шомуродовнинг устун томонлари кўп.
Биринчиси сезгирлиги. Ҳужумчи учун энг муҳим жиҳат — голни сеза олиши. Бу унинг керак пайтда керакли жойда бўлишини таъминлайди. Элдор ҳам доим керак жойда пайдо бўлади ва вазиятни самарали якунлай олади. УНИВЕРСАЛ Элдор ҳам бош билан, ҳам оёқ билан яхши ўйнайди. Ҳатто кучли бешликда ҳам бундай универсаль футболчилар саноқли. Элдорда эса бундай жиҳат бор. Ҳаводан узатилган тўпларни бош билан шунчаки тасодиф туфайли голга айлантирмайди, аксинча, ўйлаб туриб, керакли манзил сари зарба йўллайди. Элдорнинг оёқ билан кучли зарба йўллаб урган голларини кўрганмиз. Эсингизда бўлса, олдинги ўйинлардан бирида бурчак томондан узатилган тўпни кучли зарб билан рақиб дарвозасига михлаб қўйганди. Бу ҳам унинг ютуғи. Ҳимояга қайтиб ўйнашда ҳам Элдор бошқаларга ўрнак бўла олади. Шу пайтга қадар кўп бора унинг ҳимояга қайтиб, рақибнинг ҳужумларини боши билан бартараф этганини кўрганмиз. Қолаверса, рақиб жарима зарбасини тепаётганида жонли деворда, албатта, Элдор бўлади. Ахир бўйи узун, курашувчан, Элдорга ишонишмай, кимга ишонишсин. Элдор ҳозир биз учун салкам қаҳрамон. Бу “салкам” сўзини эса Элдор жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи ўйинларида ўзини кўрсатиб, терма жамоамизни жаҳон чемпионатида олиб чиққанида “чинакам” сўзига алмаштирамиз. Элдорнинг ашаддий мухлиси.

Ўзбекистон МТЖ, Элдор Шомуродов

02.09.2019, 11:41 1054 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш