Испания чемпионати янги мавсум превьюси

Барчамиз орзиқиб кутган шиддатли, тезкор ва жозибали Еврофутболнинг янги мавсуми бошланди, бошланмоқда. Биз доимий равишда кузатадиган, ҳавас қиладиган ва, шунчаки, завқ оладиганимиз баъзи чемпионатлар август ойининг дастлабки 10 кунлигида старт олганди.
Энди эса Пиреней ярим оролига ҳам катта футбол шукуҳи кириб келмоқда. Чунки, бугун, 16 август куни соат миллари ярим тунга ишора қилиб бонг урар лаҳзада Испания Ла Лигасининг янги мавсуми бошланади. Худо хоҳласа, сиз билан деярли бир йил мобайнида 1929 йилда асос солинган мазкур биринчиликнинг 89-мавсумини кузатиб борамиз.
Янги мавсум бизга нималарни ваъда қилмоқда?
Якунланган ва бошланажак футбол мавсуми оралиғида яна бир мавсум борки, унда жамоалар эски мавсумдан хулоса қилгани ҳолда ҳаракатланадилар, янги мавсум мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда сармоя киритадилар. Пайқаганингиздек ёзги трансферлар ойнаси ёки мавсуми ҳақида гап бормоқда. Шу оралиқда амалга оширилган сотув ёки харидлар жамоанинг келаси мавсум(лар) даги тақдирини бевосита ҳал қилиб қўйиши мумкин. Шуни инобатга олган испан клублари трансфер бозорини «қиздириб турди» ва энг эътиборли шартномалар мазкур мамлакат жамоалари иштирокида имзоланди. Жумладан, янги футбол мавсуми қандай кўриниш олишини таъминлайдиган бир нечта трансферларга тўхталиб ўтамиз:
Антуан Гризманн. «Кичик шаҳзода» энди «Кичкина қирол» билан бир жамоада. Гризманн трансфери шуниси билан аҳамиятлики, у бирваракайига Ла Лиганинг икки етакчи клуби тақдирига алоқадор бўлди.  «Атлетико» кучсизланиши баробарида, «Барселона»даги «дахшатли» ҳужум чизиғини янада «ваҳшийлаштиргани» ва жамоага Мессидан кейин етакчиликни ўз қўлига олиб, жамоани эргаштира биладиган фигурани тақдим этгани билан аҳамиятлидир. «Барселона» француз учун 120 миллион евро сарфлади. Бундан ташқари, «кўк-анор ранглилар» майдон марказини Френки де Ёнг билан мустаҳкамлаб олишди.
Жамоа трансферлар учун умумий ҳисобда 255 миллион евро сарфлади. Сотувлар ортидан эса 146,40 миллион евро ишлаб олди. «Барселона» ички чемпионатдаги гегемониясини давом эттириш йўлида катта қадам ташлади.
Эден Азар. Бельгиялик футболчи ниҳоят ўз орзусига эришди. Охирги мавсум «Реал» ва Азар бир-бирига нақадар муҳтожлигини кўрсатиб қўйди. Роналду кетгач, унинг ўрни муносиб номзод таклиф этилмаслиги оқибатида жамоа инқирозли бир йилни бошдан кечирди. Тақдир Азарга шундай инъом тақдим қилдики, у «Реал»ни инқироздан олиб чиқиш баробарида жамоа учун янги даврни бошлаб бериши мумкин. Зидан клубга буткул янгича ўйин услубини тадбиқ қилаётган маҳалда жамоада Азарнинг ўрни бўлакча. У тақдир инъомидан қандай фойдалана олади буни вақт кўрсатади. Эҳтимолки, жамоа афсонасига айланар. Ҳатто, Серхио Рамосдан кейин «Қироллик клуби»нинг қиролига ҳам айланиши ҳам мумкин. Ҳаммаси футболчининг ўзига бўғлиқ.
«Реал» трансферлар учун жами 305,5 миллион евро сарфлади. 4 нафар футболчисини эса бошқа клубларга 115 миллион евро эвазига «пуллаб юборди».
Жоау Фелиш. Катта эҳтимол билан, Роналду ўзи Фигудан қабул қилиб олган терма жамоадаги етакчилик вазифасини мана шу йигитчага топшириб кетади. Зеро, бир йил олдин ҳеч кимга таниш бўлмаган Жоау катта футболга пўртана мисол кириб келиб, 20 ёшида 126 миллион еврога баҳоланди. Мавсумлар оралиғидаги учрашувлардан хулоса қилсак, бутунлай янгиланган «матрасчилар» жамоаси олдингидан ҳам мазмунлироқ ўйин намойиш этишга қодир. Жамоани тарк этган Годину Гризманнлар ўрни янги мавсумда умуман билинмаслиги ҳам мумкин.
«Атлетико» эса трансферлар учун 243,5 миллион евро сарфлаб, 311,1 миллион евролик сотувларни амалга оширди.
Бундай катта харидлар фонида кўпчилик яна бир фойдали трансферни назардан қочирди. Ўтган мавсумда бир нечта ажойиб учрашувлар ўтказган, аммо барқарорлик етишмаган «Бетис» клуби 11-ўринни эгаллаганди. «Лион»нинг собиқ етакчиси Набиль Фекир янги мавсумни ушбу жамоа таркибида ўтказади. Мазкур харид жамоа ўйинига барқарорлик қўшиш баробарида «Реал Бетис»ни «Севилья» ва «Валенция»лар каби «иккинчи тўлқин» жамоасига айлантириши мумкин.
Янада кучайган «Барселона»га янгиланган «Атлетико» ва янги тактика остида ўйнаётган «Реал» қаршилик кўрсата оладими? Акс ҳолда, «Барса» охирги 12 йилда 9-чемпионлигини тантана қилиши мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бизни олдинда кутилмаган воқеаларга бой, шиддатли футбол мавсуми кутиб турибди. Унда содир бўладиган барча қизиқали воқеа ва ҳодисалар, ўйинлар ва турлар шарҳини бизнинг сайтимизда кузатиб боринг. Биз сиз учун ҳар доим энг яхшисини илинамиз.
Эслатма: Испания чемпионатига бугун 00:00 да «Басклар ўлкаси»даги «Сан-мамес» ўйингоҳида ўтадиган «Атлетик Билбао» ва «Барселона» иштирокидаги ўйин билан старт берилади.
Фахриддин Рўзиев 
Манба:Penalti.asia
 

16.08.2019, 02:33 322 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш