Голландия. 1-тур: «Аякс»нинг муваффақиятсизлиги ва бошқа сенсациялар

«Лолалар юрти»да янги футбол мавсумига старт берилди. Ўтган мавсумда «Аякс»нинг Чемпионлар Лигасидаги иштироки сабаб мазкур чемпионатга қизиқувчилар сони сезиларли равишда ортганди.
Олдинги гал чемпион номига сўнги турда ойдинлик киритилганди. Янги мавсум ҳам бизга кўп нарсаларни ваъда қилмоқда. Зеро, чемпионат медалларининг амалдаги соҳиблари дастлабки турданоқ очко йўқотиб улгуришди.
«Аякс» биринчи турдаёқ очко йўқотди (2:2).
Дастлаб, «Витесс» ўз майдонида амалдаги чемпионни қабул қилди. Мавсумлар оралиғида Хаким Зийех, Душан Тадич, Лассе Шёне, Давид Нерес, Донни ван де Бекларни сақлаб қола олган «Аякс»нинг муваффақиятини кутгандик. Шу куни меҳмонлар ҳимоясининг марказида янги тандем ўйнади. Лисандро Мартинес (21 ёш) ва Перр Схюрс (20 ёш) тандеми учрашув мобайнида бир неча бор қўпол хатоларга йўл қўйди. Жамоа ҳимоя чизиғи жудаям заиф кўринди. Мезбонларнинг  2-голи муаллифи Ришедли Базур тўпни эгаллаб олиб, бемалол жарима майдончасига кириб келиб зарба бергунга қадар ҳеч ким унга қаршилик қилолмади. Аммо қувноқ ҳужум чизиғи 2 гол киритиб, дурангни таъминлади. «Реал»га ўтиши таҳмин қилинаётган Дони ван де Бек гол уришдан ташқари, Душан Тадичнинг голига ҳаммуаллифлик  қилди ва учрашувнинг энг яхши футболчиси, деб топилди. Жамоа етакчиси Дейли Блинд эса таянч зонасидаги фаоллиги билан ажралиб турди.
«ПСВ» ва «Фейноорд» эса чемпионат дебютантларини мағлуб қилолмади.
«Твенте» майдонида меҳмон бўлган эйдховенликлар  1:1 ҳисоби билан ортга қайтишди. Дастлаб, мезбонлар вакили Кеито Накамура қанотдаги рейдидан сўнг, ўзининг суперзарбаси билан ҳисобни очди.2000 йилда туғилган япониялик футболчи «Мовий самурай»ларнинг янги юлдузига айланса, ажаб эмас. (Бизнинг 19 ёшли футболчиларимиз учун Суперлигамиз клубларининг асосий таркибида жой топилмаётган бир пайтда ҳавас қилса, арзигулик натижа.) 65-дақиқада бурчакдан узатилган тўпни боши билан дарвозага йўллаган Дюмфрис Марк ван Боммел жамоасига 1 очко келтирди. Умидли япониялик футболчи баҳснинг энг яхши футболчиси, деб топилди.
«Фейноорд» эса ўз майдонида яна бир дебютант Роттердамнинг «Спарта» клубини қабул қилди. Қизиқ томони шундаки, осон ғалаба қозониши кутилган мезбонлар  90+4-дақиқада Сем Ларсон киритган гол эвазига зўрға бир очколик бўлишди.
Фахриддин Рўзиев тайёрлади
Манба:Penalti.asia

"Аякс", ПСВ, Фейеноорд

05.08.2019, 03:08 422 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш