Суперлига 15-тур рамзий терма жамоаси

“Penalti.asia” спортга ихтисослашган ахборот портали ўз таснифига кўра Ўзбекистон Суперлигаси 15-турининг рамзий терма жамоасини эълон қилади.
Бу галги жамоа 4-3-3 тактик схемаси асосида шакллантирилди.
Дарвозабон ролига «Пахтакор» кипери Элдор Суюнов танланди. Боиси, посбон «Қизилқум» майдонидаги баҳсда ўз постини ишончли қўриқлагани ҳолда қуруқ ўйин ўтказди. У ўз дарвозаси томон йўлланган 3 та кучли ва мураккаб зарбаларни бартараф эта олди.
Марказий ҳимоя жуфтлиги ҳам мусобақа карвонбошиси таркибидан танланди. Сабаби шундаки, Криметс ва Симичлар нафақат ҳимояда, балки ҳужумда ҳам яхши тандем ҳосил қила олишларини исботлашди. 5:0 ҳисоби билан якунланган учрашувда биттадан гол уришди. Бундан ташқари, бир-бирининг голига ҳаммуаллифлик ҳам қилишди.
«Бунёдкор»нинг «Сурхон»га қарши учрашувида ҳар иккала қанот ҳимоячилари ажойиб ўйин кўрсатишди. Жумладан, бутун баҳс мобайнида чап қанотда фаол бўлган Санжар Қодирқулов якунда гол ҳам киритди.
Қўқонликлар сардори Мурод Холмуҳаммедов «Сўғдиёна»га мағлубиятга учралган ўйинда ҳам ўз фаоллиги билан ажралиб турди. У пенальтидан битта гол киритишга ҳам улгурди.
«Қўқон 1912» жамоасига ғалаба голини эса чемпионатимиз фахрийси, грузиялик универсал футболчи Кахи Махарадзе киритишни уддалади.
«Бунёдкор» ёш таркиби билан жудаям ёрқин ўйинлар кўрсатмоқда. Жамоа ўйини эса тажрибали Лутфулло Тўраев майдон марказидан бошқариб туради. Мазкур турда ҳам ўзининг креативлиги билан бошқа жамоадошларидан ажралиб турди. Остон Ўрунов ҳам янги жамоаси тркибига тўлиқ мослашиб кетганлиги кўринмоқда. Иқтидорли футболчи Самвел Бабаян жамоасидаги энг фаол футболчилардан бири бўлди.
«Сурхон» билан учрашувда Вадим Абрамов Жавоҳир Қаҳрамоновни заҳирадан майдонга туширди. Ушбу ўзгариш учрашув натижсини белгилаб берди. Дастлаб,ҳисобни очган футболчи кейинги икки голга ҳаммуаллифлик ҳам қилди. Жавоҳир қанотдаги рейдлари билан рақиб ҳимоячиларига тинчлик бермаганини ҳам таъкидлаш керак.
Мазкур турда икки нафар ҳужумчи дублни расмийлаштирди. Сергеев ва Баҳодир Пардаев тўп киритган баҳсларда уларнинг жамоалари муваффақият қозонди.
Рамзий жамоа мураббийи сифатида «шерлар» устози Шота Арвеладзе танлаб олинди. У шогирдлари билан «Қизилқум» майдонидан йирик ғалаба билан ортга қайтди.
Фахриддин Рўзиев тайёрлади
Манба:Penalti.asia

15-tur, Cocacola Superliga, Ramziy terma jamoa

01.08.2019, 14:22 414 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш