Қатар Юлдузлар Лигасининг янги юлдузлари

Қатар юлдузлар лигаси жаҳон футболининг энг йирик номларини мунтазам равишда ўзига жалб қилиши билан бизни мунтазам равишда ҳайратга солиб келган. Жорий трансфер ойнасида ҳам Қатар клублари эътиборга молик бир-нечта харидларни амалга оширишди.
Исландия сардори Аль-Арабида. 2016 йил Франция майдонларида ўтказилган Европа чемпионати баҳсларининг кашфиётига айланган исландлар жамоасида ён чизиқдан тўпни анча узоқ масофага улоқтириб берадиган Арон жамоанинг сардори эди. Ўша чемпионатда мухлислар назарига тушган Арон Гуннарссон энди фаолиятини «Аль-Араби» сафида давом эттиради. 30 ёшли футболчи бунга қадар 8 йил давомида Уэлснинг «Кардифф Сити»си шарафини ҳимоя қилди. Таъкидлаш жоизки, Гуннарссон Қатар жамоаси таркибига эркин агент сифатида келиб қўшилди.
«Рома» ва «Арсенал» қизиқишлари доирасидаги футболчи «Аль-Райян» сафига қўшилди. 2014/2019 йилларда «Порту» жамоаси шарафини ҳимоя қилган Ясин Браими сўнги пайтларда бир-нечта гранд клублар нишонида турганди. Ўтган мавсум «Порту»сафида барча мусобақаларда 49 учрашувда майдонга тушиб 13 гол ва 9 асистни ўз ҳисобига ёздириб қўйган футболчи мавсум якунида эркин агентга айланди. Парижда туғилган Жазоир миллий терма жамоаси вакили европада қолиб, ўсишга эришишдан кўра Абдулла бин Хамад аль-Тани таклиф этган катта миқдордаги маошни маъқул кўрди.
«Севилья» ҳимоячиси ҳам Абдулла бин Хамад аль-Тани жамоасида. Габриэль Меркадо ҳам Браими сингари «Аль-Райян» президенти таклиф этган йирик маошдан кўнгил узолмади. Аргентиналик ҳимоячи ўтган мавсум севильяликлар таркибида 34 учрашувда майдонга тушди ва 3 та гол киритди. Гарчи, ҳали Европа даражасида тўп сура олса ҳам, Осиё майдонлари сари равона бўлди.  32 ёшли футболчи ҳам эркин агент мақоми билан Қатар клубини кучайтирди.
«Ньюкасл»нинг сенегаллик футболчиси Хосеп Гвардиола тўп сурган клубга ўтди. Гап Мохамед Диаме ҳақида бормоқда. Фаолияти давомида «Райо Вальекано», «Вест Хем», «Халл Сити» жамоаларида тўп сурган футболчи сўнги 3 мавсум «Ньюкасл Юнайтед» шарафини ҳимоя қилди. Трансфер ойнаси очилгач футболчи эркин агент сифатида Қатарнинг «Аль-Ахли» жамоаси таркибига қўшилди. У собиқ жамоаси сафида ўтган мавсум 29 баҳсда майдонга тушганди. Эслатиб ўтамиз, Хосеп Гвардиола мазкур клуб сафида 2003/2005 йилларда тўп сурган.
«Ливерпуль»нинг собиқ футболчиси ҳам Диаме билан бир жамоада тўп суради. «Аль-Ахли» таркибига «Леганес» ҳужумчиси Набиль эль-Жар ҳам текинга келиб қўшилди. У ўтган мавсум Испания чемпионатида 27 учрашувда майдонга тушиб 4 гол муаллифига айланганди. Эслатиб ўтамиз, Набиль 2006/2011 йилларда «мерсисайдликлар» сафида ўйнаган. Марокашлик ҳужумчи фаолиятининг эътиборли томони шундаки, яқинда 33 ёшга тўладиган футболчини ўз сафига қўшиб олиш учун клублар атиги 265 минг евро миқдорида пул сарфлашган. У қолган ҳолатларда эркин агент мақоми билан жамоалар таркибини кучайтириб келмоқда.
Бундан ташқари, бир пайтлар немис футболининг бўлажак энг кучли ҳужумчиси, деб башорат қилинган Пьер Мишель Ласогга, «Бунёдкор»нинг собиқ футболчиси Жоао Виктор, эронлик Карим Ансарифард, «Эспаньол» футболчиси Эрнан Перез каби футболчилар Қатар клублари сафини тўлдирди.
Эътиборлиси, қатарликлар юқорида номлари кўрсатилган футболчиларни ўз сафига қўшиб олиш учун бир доллар ҳам сарфлашмаган. Хитойликлардан фарқли равишда Қатар клублари футболчининг ўзи билан келишади ва унга катта маош таклиф қилади. Футболчи эса шартномаси тугагач эркин агент сифатида жамоа сафига келиб қўшилади. Трансфер сиёсатидаги бу услуб кўрсатяптики, Қатар футболи ҳар томонлама текис ва равон йўлда.
Фахриддин Рўзиев тайёрлади
Манба:Penalti.asia

"Ливерпуль", «Порту», «Севилья»

26.07.2019, 13:15 657 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш