«Ҳиндистон 2017»да порлаган инглизларнинг бугунги аҳволоти ҳақида

2017 йил  Ҳиндистонда ўтказилган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон кубоги мусобоқаси катта футболга инглизларнинг катта «гвардияси» кириб келаётгани ҳақида ёрқин таассуротлар уйғотганди. Аммо бу ёшда футболчилар ҳали ривожланиш босқичида бўлганлиги учун барча таассуротлар алдамчи бўлиши ҳам мумкин эди.
Бироқ ортда қолган 2 йил амалда кўрсатдики, ушбу авлод ҳали ўз сўзини айтишга қодир. Ўша кичик мундиалда инглизлар 7 учрашувда 23 бор гол киритиб, 6 марта ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишган ва якунда чемпионликни тантана қилишганди. Ўша йилги қитъа биринчилигида ушбу йигитлар финалда испанларга имкониятни бой берганди. Мазкур баҳсларда инглизлар таркибида Риан Брустер, Джейдон Санчо, Фил Фоден, Каллум Хадсон-Одои, Морган Гиббс-Уайт ва Эйнджел Гомеслар ажралиб туришганди. Юқоридаги номларнинг барчаси ҳамон мутахассислар эътибор марказида турибди.
Мисол учун, Джейдон Санчо 2000 йил 25 мартда Лондонда туғилган футболчи 2017 йилнинг 31 августида «Манчестер Сити»дан «Боруссия Дортмунд» сафига бориб қўшилди. Дортмундликлар 17 ёшли футболчига жамоани тарк этган Усмон Дембеленинг рақамини (7) беришди. Трансфер қиймати 7,84 миллион еврога баҳоланганди. Орадан икки йил ўтгач, «transfermarkt.de» маълумотларига қараганда унинг трансфер нархи 100 миллион евро миқдорида кўрсатилган. Санчо Бундеслиганинг якунланган мавсумида 34учрашувда майдонга тушгани ҳолда 12 гол ва 17 асистни амалга оширди. Мукаммал техника ва юқори дидли аниқлик билан амалга ошириладиган бетакрор узатмалари унинг устун томонлари ҳисобланади.
Кичик мундиалнинг «Энг яхши футболчиси», деб топилган Фил Фоден ҳам «Манчестер Сити» тарбияланувчиси ҳисобланади. «Шаҳарликлар»нинг юлдузли таркибида рақобатга дош бериш анча мураккабдир. Фоден ўтган мавсум Пеп Гуардиоланинг назарига тушди ва барча мусобоқаларда 26 учрашувда майдонга тушди. Майдонда ўтказган 1107 дақиқаси мобайнида 7 гол киритиб, 2 голга ҳаммуаллифлик қилди. 19 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи бугунги кунда 25 миллион еврога баҳоланмоқда. Фил юксакроқни кўзлаган бўлса, келаси мавсумда бирор ўртамиёна жамоанинг асосий таркибида ҳаракатланиши керак. Акс ҳолда, ундан кутилган ёрқин келажак саробга айланиши мумкин.
Ҳиндистондаги мусобоқада Санчо ўнг қанот вингери сифатида, Фоден эса ҳужумчи ортида ҳаракатланган бўлса, чап қанот ҳужумчиси зонаси Каллум Хадсон-Одоига тегишли эди. Ўтган мавсум «аристократлар» сафида барча мусобоқаларда 29 учрашувда майдонга тушиб 6 гол ва 7 асистни амалга оширди. 18 ёшли тезкор футболчи катта шов-шувларга сабаб бўлди. Ҳатто, «Бавария» у билан фаолиятини якунлаган Франк Риберининг ўрнини тўлдирмоқчи бўлди. «Челси» мухлислари эса келаси мавсумда Каллумни жамоа етакчиси ролида тасаввур этишяпти. Унинг трансфер баҳоси 35 миллион евро миқдорида белгиланган.
Морган Гиббс-Уайт ўтган мавсум «Вулверхемптон» сафидаги ҳаракатлари билан танила бошлади. Мавсум давомида заҳирадан майдонга тушиш билан кифояланган ярим ҳимоячидан «бўрилар» мухлисларининг умиди катта. Ўтган мавсум 26 баҳсда майдонга тушган футболчининг трансфер баҳоси 8 миллион евро деб кўрсатилган.
Ўтган мавсум Риан Брустер «Ливерпуль» ёшлар жамоаси сафида ҳаракатланди. 2017 йилги кичик мундиалда айнан у инглизларнинг «тўққизлик ҳужумчи»си вазифасини бажарган ва чемпионат якунида мутлоқ тўпурарга айланганди (8 гол билан). Ҳозир мавсум оралиғидаги ўртоқлик учрашувларида Юрген Клопп уни фаол тарзда синаб кўрмоқда. Катта эҳтимол билан, келаси мавсум Фирмино ва Оригилар билан рақобатлашади. 
Сўнги вақтларда инглиз футболи терма жамоа миқёсида ҳам, клублар миқёсида ҳам фаол ривожланиб бормоқда. Халқаро майдондаги натижалар бунинг ёрқин далили ҳисобланади. Юқорида номлари тилга олинган футболчилар ҳам қачондир инглиз футболини янада юқори марраларга кўтаришлари мумкин. Зеро, бугунги инглиз  мутахассислари уларга шундай баҳо беришмоқда.
Фахриддин Рўзиев тайёрлади
Манба:Penalti.asia

"Liverpul", Angliya., Sancho, «Manchester Siti» Filipp Foden

24.07.2019, 00:46 518 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш