Қитъадаги ўрнимиз: Клубларимиз сўнгги 5 йилда ОЧЛда кўрсатган кароматлари

Халқаро турнирларда жамоаларимиз иштирокларини кузатиб туриб футболимиз кундан кунга бўғилиб, ўлиб бораётганига амин бўласан киши.
Миллий жамоамизнинг мақтанса арзигулик натижаларга эришолмаётгани, чемпионлар лигаси учун бизнинг клубларимизга ажратилаётган квоталар қисқариши эвазига бошқа рақибларимиз квоталарининг сони ўсиб бориши, бу ҳам етмагандек, ОЧЛда иштирок этаётган кам сонли жамоаларимизнинг халқаро майдондаги кетма-кет муваффақиятсизликларини таҳлил қилиб: «Бизда футбол ривожланяпти», дейиш четдан туриб кузатаётган инсоннинг қаҳ-қаҳ уриб кулишига сабаб бўлади. Афсуски, бу - аламли ва аччиқ ҳақиқат. Ундан қочиб ҳеч қаёққа кета олмаймиз.
Аммо ҳамма бир хил фикрламайди. Табиийки, бизда футбол ривожланяпти, деб иддао қиладиганлар ҳам топилиб турибди. Шундайлар учун севимли клубларимизнинг охирги йиллардаги халқаро майдондаги иштирокларини қитъадаги бошқа рақибларимиз билан солиштириб кўрамиз.
Охирги пайтларда клубларимиз ОЧЛ гуруҳ босқичидан ҳам юқорилаёлмай қолгани туфайли сўнги беш йилда гуруҳ баҳсларида неча очко тўплаганимизни ҳисоблаб чиқамиз.
2015 йил. Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида 4 клубимиз иштирок этди. Тиниб-тинчимас тўртовлон гуруҳ босқичи якунида биргалашиб 19 очко ишлаб олишди («Насаф» 8, «Пахтакор» 6, «Локоматив» 4, «Бунёдкор» 1). Тасаввур қилиб кўринг, Европада шу каби ҳолат испан ёки инглиз клублари билан содир бўлса, шармандалик ўлароқ қабул қилинади. Маълумот ўрнида, мазкур мусобақада Қатардан икки клуб иштирок этган. «Лахвия» ва «Ал-Саад» умумий 23 очко тўплаб клубларимиз учун ўрнак бўлишганди.
2016 йил. Яна ўша квартет мусобақа финал босқичида иштирок этди ва умумий 28 очко тўплашди («Локоматив» 10, «Пахтакор» 10, «Насаф» 5, «Бунёдкор» 3). Бу мусобақада иштирок этган форсларнинг 3 клуби 29 очко тўплашга муваффақ бўлганди.
2017 йил. Клубларимиздан иккитаси гуруҳ баҳсларига қўшилди ва 36 очколик имкониятдан 8 очко тўплаш билан кифояландилар. Ушбу турнирда Қатардан ҳам икки клуб иштирок этган, «Лахвия» ва «Ал-Райян» якунда 21 очко жамғаришган. Шунингдек, футболи биздан анча орқада деб ҳисоблайдиганимиз Тайланд шарафини ҳимоя қилган «Муангтонг» клуби бизнинг икки клубимизга тенг миқдорда очко йиғишни уддалаганди.
2018 йил. Ўтган йилда «Темирйўлчилар» 7, «Аждарлар» эса 10 очко тўплаб гуруҳда қолиб кетишганди.
2019 йил. Жорий масум «Шерлар» чемпионлар лигасига қайтди. Жуда кучли таркибни жангга ташлаган «Пахтакор»дан умидларимиз ниҳоятда катта эди. Аммо жуда қийин гуруҳдан ўрин олган Арвеладзе шогирдларига омад етишмади.  «Темирйўлчилар» нисбатан осон гуруҳдан ўрин эгаллаган бўлса-да якунда натижа муваффақиятсиз бўлди («Пахтакор» 8, «Локоматив» 7 очко).
Охирги 5 йилликда клубларимиз ОЧЛ гуруҳ босқичларида 252 очколик имкониятдан 87 очко тўплай олди, холос. 84 учрашувда майдонга тушган клубларимиз 94 бор гол уришди ва 122 марта ўз дарвозларидан тўп олиб чиқишди. Солиштириш учун, корейс клублари 360 очколик имкониятлардан 188 очко тўплади. Хитой жамоалари 342дан 187 очко тўплади. Мундиал йўлида курашишимиз керак бўлган бошқа рақибларимиз ҳам биздан сезиларли фарқ билан олдинлаб кетишди. Футболимиз қитъадаги рақибларимиздан барча соҳаларда ортда қолишга улгурди. Биз тобора ўртамиёна жамоага айланиб боряпмиз. Миллий чемпионатимизда тўп сурадиган футболчиларнинг умумий трансфер қиймати японларнинг иккинчи дивизионидан ҳам 2 баробар ортда тургани ҳолда Эктор Купердан биздан икки бош устун жамоаларни ортда қолдиришни талаб қиламиз. Шундай вазиятда жаноб Куперни машҳур «Уддалаб бўлмас вазифа» фильмидаги бош қаҳрамонга қиёс этсак хато бўлмайди. Қачондир бизнинг футболимиз жаҳонда энг кучлисига айланишига ишонадиган содда мухлисларимиз учун шу паллагача имконсиз ҳисобланган бу вазифани жаноб Купер уддалаши ва футболимиз қаҳрамонига айланиб кетишини тилаб қоламиз.
                                                                                                                                                                                                                                   Фахриддин Рўзиев тайёрлади                                                                                 манба:penalti.asia                                                                                      
                                                                                                    

08.07.2019, 20:51 453 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш